“Сирдарё худудий электр тармоқлари корхонаси”нинг ташкил этилиши
ва кейинги фаолияти юзасидан қисқача

Халқимиз қадимдан Мирзачўлни ўзлаштиришни орзу қилиб, бу заминда боғ-роғлар яратишни, сўлим масканларга айлантиришни, ҳар томонлама қулай бўлган иморатлар барпо этишни кўзлаб келишар эди.

Мирзачўл ҳақида халқимиз ўртасида “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди” деган нақл бежизга пайдо бўлмаган. Қақраб ётган ерларда, қамишзорларда, бутазорларда, дашти-биёбонларда ўзлаштириш ишлари жадал суратлар билан бошланган дастлабки дамлардаёқ чўлни электрлаштиришга катта эътибор қаратилди, сабаби электр энергиясисиз халқ хўжалигини ривожлантириш мумкин эмас.

Мирзачўлда дастлаб электр энергияси 1913 йилда пайдо бўлди, Мирзачўлда – ҳозирги Гулистон шаҳрида 2 та хусусий пахта тозалаш заводларига 11 киловатт генераторли 2 та “БОРНСБИ” дизеллари ўрнатилган эди. Бу генераторлар Баку шаҳрида инглиз-рус акционерлари томонидан ишлаб чиқилган. Кейинчалик 28 киловатт генератор Мирзачўлдаги темир йўл станциясига ўрнатилган. Бу даврларда электрлаштириш ишлари асосан саноат объектларига дизель-генераторларни ўрнатиш йўли билан амалга оширилган.

Шундай қилиб Мирзачўл пахта заводида умумий қуввати 1800 кВт бўлган 5 та генератор ўрнатилган бўлиб, электр қуввати фақат завод эҳтиёжлари учун сарфланган.

1954 йил

1954 йилга келиб вилоятни электрлаштириш 35/6 кВли “Урсатов” нимстанциясини қуриш билан бошланди. Бу нимстанциядан Ховос поселкаси ва “Ўрта Осиё” темир йўлининг Ховос бўлими электр энергияси ола бошлади. Мирзачўл поселкаси 1959 йилда 35/10 кВли “Хлопзавод” нимстанциясидан Фарход ГЭСининг 110 кВли ҳаво тармоғи орқали 110/35/10 кВли “Голодная степь” нимстанцияси Мирзачўл, 35/10 кВли “Боёвут-3” нимстанцияси ишга туширилди. 1961 йилда 110/35/10 кВли “Гулистон”, 1962 йилда 110/35/10 кВли “Сирдарё” нимстанциялари қурилди.

1963 йил

1963 йил сентябрь ойида СССР Олий Совети Президиумининг Қарорига асосан маркази Гулистон шаҳри бўлган Сирдарё вилояти ташкил этилган бўлиб, халқ хўжалиги ва аҳолини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Гулистон, Еттисой ва Жиззах район электр тармоқлари базасида Сирдарё электр тармоқлари корхонаси барпо этилди. Ўзбекэнерго ва Қишлоқэлектр Бошқармалари бирлаштирилиб, Ўзбекистон ССР Энергетика вазирлигига айлантирилди.

“Сирдарё электр тармоқлари корхонаси” бир хонали, эски, пастхам уйда, мухандис-техник мутахассисларга ва хизмат кўрсатувчи ходимларга, транспорт воситалари ва механизмларга, алоқа воситаларига эҳтиёж катта бўлган бир шароитда иш бошлади.

1964 йил

1964 йилда корхонага Гулистон шаҳридаги отхона-ветеринария биноси ажратиб берилди. Мазкур бино капитал таъмирдан чиқарилиб, ишчи-хизматчиларга минималь шароит яратиб берилди. Корхона олдида истеъмолчиларни ишончли электр энергияси билан таъминлаш билан бирга электр хўжалигини ривожлантириш, янги электр тармоқларини ва нимстанцияларни, корхона базаси, туман-шаҳар электр таъминоти корхоналарини қуриш, колхоз-совхозларни, қишлоқлар ва аҳоли пунктларини электрлаштириш вазифалари турар эди.

Корхона ташкил этилган дастлабки дамларда вилоятдаги 39 та совхоз, 59 та колхоздан бор-йўғи 3 та совхоз ва 12 та колхоз Давлат энерго тизимига уланган холос, қолган хўжаликларда 260 та кичик иқтисодий тежамли бўлмаган умумий қуввати 15211 кВни ташкил этадиган дизель станцияларидан фойдаланилган.

Корхона ташкил этилган даврда 35 кВли электр тармоқлари 142 км.дан, 10-0,4 кВли тармоқлар 1239 км.дан иборат бўлиб, 110-35/10 кВли нимстанциялар 14 та, трансформатор пунктлари 228 та эди. Электр тармоқлари хизмати миқдори 4647 шартли бирликдан иборат бўлган. Талаб этиладиган қувват 22 мВт.ни ташкил этган бўлса, электр энергиясини етказиб бериш режадаги 81,9 млн. кВт.с. ўрнига 94,595 кВт.с.га етказилган. Электр энергиясини сотиш 2 258 млн. сўм бўлиб, табиий йўқотиш режадаги 7,1 % ўрнига 6,45 % ни ташкил этган.

1969 йил

1969 йил апрелида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Министрлар Совети “Республиканинг қишлоқ районларни электрлаштиришни жадаллаштириш тўғрисида” Қарор қабул қилди. Бу Қарор корхонанинг фаолиятини олиб бориш учун дастур вазифасини ўтади, натижада 1970 йилга клиб 1-“Ўзэлектрқурилиш”га қарашли 3-механизациялашган колонна билан ҳамкорликда вилоятнинг Жиззах, Зомин, Фориш, Киров туманлари, бошқа туманларнинг олис қишлоқлари электрлаштирилишига эришилди. Давлат энерготизимига 18728 та яшаш уйлари уланди. 2 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди, 59 та колхоз, 39 та совхозлар электрлаштирилди.

1970 йил

1970 йил 22 апрелда Ўзбекистон энергетикаси байроқдори Сирдарё ГРЭСи қурилишига асос солинди. 1972 йилда ГРЭСнинг биринчи агрегати 300 меговат қувватда ток бера бошлади. 1981 йилга келиб унинг қуввати 3 млн.кВт.ни ташкил этди. ГРЭС ёнида энергетиклар шаҳри — Ширин қурилди.

Кейинчалик вилоятнинг Сирдарё, Боёвут, Киров, Пахта-Орол, Фориш, Ворошилов туманлари электр тармоқлари корхоналари ташкил топди. 9 та 110-35 кВли нимстанциялар, 4 та 110 кВли электр тармоқлари, 7 та 35 кВли электр тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

1972 йил

1972 йилда Еттисой, Киров, Пахта-Орол электр тармоқлари Сирдарё вилоятидан ажратилиб, Қозоғистон ССРнинг Чимкент вилояти Чордора туман элект тармоқлари корхонасига ўтказилди.

1974 йил

1974 йилда Жиззах чўллари ўзлаштирилиб, Жиззах вилояти ташкил этилиши муносабати билан вилоятнинг Жиззах, Фориш ва Зомин туман электр тармоқлари корхоналари Жиззах вилояти ихтиёрига берилди.
1977 йилда Сирдарё шаҳрида Тошкент ГРЭСдан чиқувчи 220 кВли электр тармоғига уланган 125 мВАли 220/110/10 кВли “Факел” нимстанцияси ишга туширилди.

1978 йил

1978 йилда Симрдарё ГРЭСидан чиқувчи Янгиер шаҳрида Сирдарё ГРЭСидан чиқувчи 200 мВАли 220/110/10 кВли “Головная” нимстанциясининг биринчи навбати, 1988 йилда эса иккинчи навбати ишга туширилди.

1975 йил

1975 йилдан корхона узунлиги 57,9 км.га тенг бўлган Сирдарё ГРЭСи нинг 510лик тармоғига уланган 500 кВли ҳаво тармоғининг “Головная” бўлимидан фойдаланиб бошлади.

1980 йил

1980 йилда “Голодностепстрой” тизимидаги Оқолтин, Ильич, Ховос, Янгиер туман электр тармоқлари корхоналари жамоалари тузилиб, сафимизга қўшилди, шу муносабат билан капиталь қурилиш ишларини амалга ошириш, техник жиҳатдан қайта қуролланиш, маънавий эскирган электр қурилмаларини модеринизация қилиш, нимстанцияларни таъмирлаш, кабель ва ҳаво тармоқларини янгилаш зарурати туғилди. 1987 йилда Оқолтин, 1985 йилда Ильич, 1988 йилда Ховос туманлари электр тармоқларида таъмирлаш-ишлаб чиқариш базалари ва яшаш уйлари қурилди.

1983 йил

1983 йилда Гулистон шаҳар электр тармоғи корхонаси Гулистон туман электр тармоғидан ажратилиб, Комсомол тумани худудига хизмат кўрсатиш вазифаси юклатилди.

1988 йил

1988 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг Фармонига биноан Сирдарё ва Жиззах вилоятлари бирлаштирилиб, маркази Жиззах шаҳри деб белгиланди. “Сирдарё электр тармоқлари корхонаси” – “Сирдарё электр тармоқлари”га айлантирилди.

1988 йил сентябрь ҳолатига вилоятда Оқолтин, Боёвут, Ворошилов, Гулистон, Ильич, Сирдарё, Ховос туман, Гулистон, Янгиер шаҳар электр тармоқлари фаолият кўрсатди.

1988 йилда корхонада Венгрияда ишлаб чиқарилган ТАП-34 русумли электрон ҳисоблаш машинасидан фойдаланиш имконияти туҳилди.

1989 йил

1989 йил январида корхонанинг 3 та нимстанция, изоляция ва реле-автоматика хизматлари бирлаштирилди.

1989 йил июлида Оқолтин, Ильич туман электр тармоқлари корхоналари бирлаштирилиб, Жанубий туман электр тармоғи деб атала бошлади.

2009 йил

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги № 245-сонли қарорига асосан “Сирдарёэлектртармоқлари” ОАЖ номи “Сирдарё худудий электр тармоқлари корхонаси” ОАЖ деб ўзгартирилди.